Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКрупные налогоплательщики все ТТН за апрель 2024 года должны оформить в электронном виде Можно ли вернуть НДС по безнадежной задолженности Как передать учредителю квартиру в счет дивидендов Как хранить бухгалтерские документы Как хранить бухгалтерские документы Как хранить бухгалтерские документы

Афв этиш тафсилотлари

14.05.2018

 

Президентнинг 8.05.2018 йилдаги ПФ–5439-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. 

 

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили замонавий Ўзбекистон тарихида илк бор кенг миқёсли афв этиш акти қабул қилинган эди. У 2700 нафар маҳкумларга дахл этди, уларнинг 956 нафари озодликдан маҳрум этиш жойларида эди. Афв этишнинг амнистиядан фарқи – бу ерда.   

 

Бунгача афв этишни амалга ошириш тартиби 2009 йилда тасдиқланган низом билан тартибга солинган (13.03.2009 йилдаги ПФ–4094-сон Фармонга қаранг). Умуман олганда янги таҳрирдаги ҳужжат афв этиш масалалари юзасидан идоралараро ҳамкорлик механизмлари ҳамда ваколатли органларнинг ваколатлари янада батафсил баён этилгани билан фарқланади. 

 

Биринчидан, Президент ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссиянинг иш тартиби аниқлаштирилди.

 

Кўрсатилишича, унинг таркибига Олий суд, Бош прокуратура, ДХХ, ИИВ ва Адлия вазирлиги, шунингдек Ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ва «Нуроний» жамғармаси вакиллари киради. Унинг таркибига Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, бошқа давлат органлари, ННТ вакиллари ва бошқа шахслар ҳам кириши мумкин. Комиссия таркиби Президент томонидан тасдиқланади.

 

Йиғилишлар афв этиш тўғрисидаги илтимосномалар келиб тушишига қараб ўтказилади. Уларни Комиссия раиси ёки унинг топшириғига асосан – ўринбосар олиб боради. Йиғилишларда Олий суд раиси, Бош прокурор, ДХХ раиси, ички ишлар ва адлия вазирлари ёки уларнинг ўринбосарлари қатнашиши мумкин. Бундан ташқари, комиссия афв этиш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун давлат органлари, ННТ вакиллари ва бошқа шахсларни таклиф қилишга ҳақли.  

 

Иккинчидан, афв этиш тўғрисидаги илтимоснома маҳкумнинг ўзи ёки жазони ўтаб бўлган шахс томонидан ҳам, қонун ҳужжатларига мувофиқ афв этиш тўғрисида илтимосномалар беришга ҳақли бўлган бошқа шахслар (органлар) томонидан ҳам берилиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 29.09.2017 йилдаги Ф–5071-сон фармойиши билан маҳкумлар шахсини ва уларга оид материалларни синчковлик билан ўрганиш якунларига кўра маҳкумларни афв этиш ҳақидаги илтимосномаларни тақдим этиш вазифаси топширилган Махсус комиссия ташкил этилган.

 

Қайд этилишича, иккинчи ҳолатда маҳкумнинг ёзма розилигини олиш зарур.

 

Учинчидан, аниқлаштирилишича, қуйидагилар тайинланган жазо муддатининг камида 1/3 қисмини ҳақиқатда ўтагандан кейин афв этиш тўғрисида илтимоснома беришлари мумкин (умрбод ёки узоқ муддат озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганлардан ташқари):

  • муқаддам амнистия акти асосида жиноий жавобгарликдан озод қилинган, амнистия ва афв этиш актлари асосида шартли ҳукм қилинган, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахслар;
  • жазони енгилроғига алмаштириш чоралари қўлланилган ва қайта қасддан жиноят содир этган шахслар;
  • ўта хавфли рецидивистлар.

 

Тўртинчидан, жазони ижро этиш органига (жазо турига қараб – Мажбурий ижро бюроси, ИИВ, Мудофаа вазирлиги – таҳр.) илтимоснома бериш муддати у берилган пайтдан бошлаб 20 кундан 10 кунга қисқартирилди.

 

Илгари назарда тутилган ҳужжатлар пакети билан бир қаторда илтимосномага муассаса маъмурияти томонидан тасдиқланган, маҳкумнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхасини илова қилиш зарур.

 

Келиб тушган илтимосномалар 10 кун ичида ўрганилиб, ҳар бир маҳкум бўйича умумлаштирилган маълумотнома-жадвал тузилади, шундан сўнг материаллар Президент девонининг Ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш хизматининг Фуқаролик, афв этиш ва сиёсий бошпана бериш масалалари бўйича секторига (Афв этиш масалалари бўйича комиссиянинг ишчи органи – таҳр.) юборилади.

 

Оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинганларни афв этиш масалалари бўйича материалларнинг нусхалари Олий суд ва Бош прокуратурага, ЖКнинг 150-163, 2441, 2442, 2443 ва 246-моддалари бўйича эса (диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализмни тарғиб қилувчи материаллар қисмида) – ДХХга ҳам юборилади. Мазкур органлар маҳкумларни афв этиш имконияти тўғрисидаги ўз хулосаларини бир ой ичида Секторга тақдим этадилар.

 

Афв этиш масалалари бўйича комиссия томонидан илтимосномани кўриб чиқиш умумий муддати ўзгармаган ва у келиб тушган кундан бошлаб кўпи билан 3 ойни ташкил этади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.05.2018 йилдан кучга кирди. 

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

 

Олег Заманов.