Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Корхона чет эл компаниясидан юк автомобилини ижарага олса Ижтимоий солиқни тўлаш вақти ва ҳисобот топшириш тартиби Янги йилда бухгалтерга нима совға қилиш мумкин: фойдали ғоялар

Тошкентда йўл ҳаракатини бошқаришнинг янги модели жорий этилади

09.12.2025

Рус тилида ўқиш

Тошкент шаҳри транспорт тизимини бошқаришни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди Президентнинг 04.12.2025 йилдаги ПҚ-368-сон қарори билан Тошкент шаҳри транспорт тизимини бошқаришни такомиллаштириш ва тирбандликларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

 

Ҳужжат соҳани ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилайди:

  • транспорт оқимларини бошқариш бўйича илмий асосланган ечимларни жорий этиш;
  • тирбандликнинг олдини олиш;
  • илғор рақамли технологиялардан фойдаланиш;
  • инфратузилма лойиҳаларини ривожлантириш.

 

Жамоат транспорти сифати ва жозибадорлигини ошириш, ҳаракатни тартибга солишнинг техник воситаларини такомиллаштириш, жумладан, аутсорсинг орқали хусусий сектор иштирокини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Шунингдек, йўл ҳаракати маданиятини ошириш, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишни таъминлаш вазифаси қўйилди.

 

2030 йилга келиб пойтахт ҳукумати қуйидагиларни режалаштирмоқда:

  • жамоат транспортидан фойдаланувчилар улушини 60 фоизга, электробуслар улушини эса 50 фоизга етказиш;
  • автобус ҳаракатининг ўртача тезлигини 18 км/соатдан 24 км/соатга ошириш;
  • 150 мингга яқин автотураргоҳ ўринларини яратиш;
  • метрополитен тармоғини 103 километргача кенгайтириш ва бошқа йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш.

 

ЙҲТЭМ шаҳар мобиллигини бошқаришнинг марказий бўғинига айланади. Унга қуйидагилар топширилди:

  • рақамли ва "яшил" технологиялардан фойдаланган ҳолда транспорт, йўловчи ва пиёдалар оқимини туну кун мониторинг қилиш асосида йўл ҳаракатини ташкил этиш;
  • Тошкентнинг транспорт бош режасини ишлаб чиқиш;
  • жамоат транспортининг охирги бекатлари олдида кўп қаватли тўхташ жойларини яратиш;
  • ер усти метро линиялари ва йўл ўтказгичлар остида автотураргоҳлар ташкил этиш.

 

2028 йилга қадар вазирлик ва идораларнинг транспорт соҳасидаги ваколатларининг бир қисми ҳуқуқий эксперимент тариқасида Марказга ўтказилади. Бу жадал ўсиб бораётган шаҳар учун айниқса муҳим бўлган транспорт ҳаракатини бошқаришнинг ягона тизимини яратиш имконини беради.

 

Инфратузилма ва рақамли хизматлар

 

Яқин йилларда Тошкентда кўчалар, чорраҳалар, кўприклар ва йўл ўтказгичлар янгиланиши кутилмоқда. Автобуслар учун ажратилган йўлаклар, ақлли светофорлар ўрнатиш, шаҳар магистраль йўлларини комплекс реконструкция қилиш режалаштирилган.

 

Шу билан бирга, йўл ва транспорт инфратузилмасини рақамли бошқариш платформаларини бирлаштирган интеллектуал транспорт тизими яратилади. Янги ечимлар орасида "Қулай муҳит" ва "Ҳокимият монитори" тизимлари ҳам бор. Улар ободонлаштиришдаги бузилишларни қайд этиш, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, видеодомофонлар ёрдамида ҳовли ҳудудларини назорат қилиш ва аҳолини тезкор хабардор қилиш имконини беради.

 

Молиялаштириш

 

Кенг кўламли вазифаларни амалга ошириш учун Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилмоқда. Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази тузиладиган шартномалар доирасида унинг маблағларини тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.12.2025 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова