Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzПочему проект объединения ЭТТН и ЭСФ должен пройти широкое общественное обсуждение Почему ЭСФ по процентным доходам каждому заемщику будут неэффективны Как учитывать ремонт основных средств с 1 января 2025 года

1 июлдан қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар

30.06.2020

Читать на русском языке

 

ҚҚСни қоплаш, қурилиш ва туризмда янги қоидалар ва имтиёзлар, суғурталовчиларга нисбатан юқори талаблар, дорихоналардаги «сирли харидор» ва бошқалар – norma.uz нинг навбатдаги шарҳида.

 

ҚҚСни қоплаш механизми жорий этилади

 

1 июлдан бошлаб ҳисобга киритилган солиқ суммасининг ҳисобланган солиқ суммасидан ошиб кетиши натижасида ҳосил бўлган ҚҚС суммаси қоплаб берилади (30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонуннинг 5-моддаси). Бунинг учун солиқ органларига солиқ суммасини қайтариш тўғрисида ариза тақдим этилиши лозим (СК 274-м. 2-қ.). Қонун ҳужжатларида иккита вариант назарда тутилган:

  • умумий тартиб – 60 кун ичида камерал солиқ текшируви ўтказилади (СК 138-м. 1-қ.) ва унинг натижаларига кўра маълум қилинган сумма тўлиқ ёки қисман қопланиши тўғрисида қарор қабул қилинадиган бўлса, сумма солиқ тўловчига қайтарилади (СК 274-м. 3-қ.);
  • тезкор тартиб – СК 274-моддаси 4-қисмида кўрсатилган 6 та тоифадаги солиқ тўловчилар ундан фойдаланишга ҳақли. Қайтариладиган солиқ суммаси 7 кун ичида тўлиқ ҳажмда қоплаб берилади. Камерал текширув ҳам ўтказилади. Унда маълум қилинган солиқ суммаси ёки унинг бир қисми асоссиз равишда қопланганлиги аниқланса, солиқ тўловчи ушбу суммани пеня билан бирга бюджетга тўлаши лозим (СК 274-м. 5-қ.).

 

Қурилиш: янги қоидалар ва имтиёзлар

 

Қурилиш соҳасида бир қатор янгиликлар киритилди:

биринчидан, қишлоқ жойларда уй-жойлар янги тартибга кўра қурилилади:

  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан ер участкалари қурилиши режалаштирилган уй-жойлар бўйича қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ерлар ва ўрмон фонди ерлари тоифасига кирмайдиган ҳамда аҳолини мажбурий кўчириш хавфи бўлмаган тақдирда ажратилади;
  • ер участкаларини реализация қилиш масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг таркибига «Ўзгидромет» марказининг ҳудудий бўлинмалари вакиллари киритилади;
  • танлов савдоларида ғолиб бўлган пудрат ташкилотлари билан инвестиция шартномалари тузилади, бунда тадбиркорлик субъектлари инвестиция мажбуриятларини ўз зиммасига олади;
  • тортиб келинадиган ва майдон ички сув таъминоти ва канализация тармоқлари ҳамда автомобиль йўлларини қуриш Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари экспертизаси хулосаларига кўра амалга оширилади.

иккинчидан, лойиҳа-тадқиқот ташкилотларининг электрон рейтинги жорий этилади. У солиқ ва статистика ҳисоботлари маълумотларига кўра автоматик тарзда шакллантирилади. Унда иш тажрибаси, ходимлар сони (шу жумладан малакаси), асосий воситалар ҳажми, олинган даромадлар ва тўланган солиқлар, меҳнатга ҳақ тўлаш фонди ва бошқа мезонлар акс эттирилади;

учинчидан, Қурилиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси ва ҳудудий инспекциялар бошлиқлари тегишли маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳақли бўлади. Бироқ ҳуқуқбузарлик далили низолашиладиган бўлса, иш кўриб чиқиш учун судга оширилади;

тўртинчидан, қуйидагиларга божхона тўловлари (ҚҚС ва божхона расмийлаштируви учун йиғимдан ташқари) бўйича янги имтиёзлар 2023 йил 1 июлгача муддатда амал қилади:

  • кўп қаватли монолитли уй-жойларни қуришда фойдаланиладиган бетонни тайёрлаш учун бетон қуйиш шакллари, машиналари ва механизмлари – озод этилади;
  • қурилиш соҳасида фойдаланиладиган, импорт қилинадиган машиналар ва механизмлар, технологик ускуналар, кичик механизация воситалари, приборлар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар бўйича – 120 кунгача тўлов муддатини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш.

 

Музейлар, галереяларга – имтиёз

 

Хусусий музейлар, бадиий галереялар ва ҳунармандчилик марказларининг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи, ер ва мол-мулк солиқлари ҳамда айланмадан олинадиган солиқ ставкалари икки бараварга пасайтирилади. Имтиёз уч йил: 2020 йил 1 июлдан 2023 йил 1 июлгача амал қилади.

 

Суғурталовчилар «устави» оширилади 

 

1 июлдан суғурталовчиларнинг устав капитали энг кам миқдорлари кўпайтирилади ва суғурта фаолияти турига қараб қуйидагича миқдорларда белгиланади:

  • ихтиёрий суғурта – 15 млрд сўм (илгари: умумий суғурта соҳасида – 7,5 млрд сўм, ҳаётни суғурталаш – 10 млрд сўм);
  • мажбурий суғурта – 25 млрд сўм (илгари – 15 млрд сўм);
  • мутлақ қайта суғурталаш  – 35 млрд сўм (илгари – 30 млрд сўм).

 

Ушбу қийматларнинг навбатдаги оширилиши 2022 йил 1 июлдан амалга оширилади. Натижада суғурта ташкилотларининг жами устав капитали 2,4 бараварга – аввалги 0,8 дан 1,2 трлн сўмгача оширилади.

 

Эслатиб ўтамиз, суғурталовчи устав капиталининг камида 90%и муассисларнинг (иштирокчиларнинг) пул маблағлари ҳисобига шакллантирилади. Кредитга, гаровга олинган маблағлар ва бошқа жалб этилган маблағлардан фойдаланиш мумкин эмас («Суғурта фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси).

 

Ноширлик ва матбаа фаолиятини бошлаганда хабардор қилиш  

 

1 июлдан бошлаб қуйидагилар бекор қилинади:

  • ноширлик фаолиятини лицензиялаш;
  • матбаа фаолиятини амалга оширишга рухсатномалар бериш.

 

Унинг ўрнига хабардор қилиш тартиби жорий этилади. Ушбу соҳада фаолиятни бошлаганлар Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигини 10 кун ичида хабардор қилади. Буни яқин орадаги давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали амалга ошириш мумкин. Қандай ишлаши ҳақида батафсил – бу ерда.

 

Ўзини ўзи банд қилганларга – катта имкониятлар

 

Ўзини ўзи банд қилганларга қўшимча равишда 43 та йўналишда ишлашга рухсат этилди. Асосан онлайн- ва медиа-хизматларга. Шу тариқа, янги рўйхатда 1 июлдан – улар шуғулланиши мумкин бўлган 67 турдаги фаолият кўрсатилган.

 

Рўйхатдан ўтиш соддалаштирилади – вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари ўрнига мобиль иловалар чиқарилади. Улар орқали нафақат рўйхатдан ўтиш, балки буюртмалар бериш ва тўлов қилиш, ЭҲФни тақдим этиш, даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш, ўз товарлари, ишлари ва хизматларини реклама қилиш мумкин бўлади.

 

2020 йил учун ўзини ўзи банд қилганда ҳақиқатда ишланган соатидан қатъи назар, БҲМнинг 50%идан кам бўлмаган миқдорда ижтимоий солиқ тўланиши лозим. Пенсия ҳисоблаш учун иш ҳақи миқдори солиқ суммасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

 

Туғруқни қабул қиляпсизми – онлайн-дастур юритинг


1 июлдан бошлаб барча туғруқ муассасалари мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, ФҲДЁ органлари билан электрон маълумотлар алмашинуви дастурини юритиши шарт. Унда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган ҳисобот шакллари бўйича туғилиш ва ўлим ҳолатлари қайд этилади.

 

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил ноябрдан хусусий тиббиёт ташкилотларига туғруқни қабул қилишга рухсат этилди. Жорий йил 1 мартга қадар улар онлайн-дастурга уланиши лозим эди.

 

Газ таъминоти: қоидалар ўзгаради

 

1 июлдан бошлаб ички бозорда табиий газни реализация қилишнинг янги механизми жорий этилади. Энди янги истеъмолчилар фақат «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг газ тақсимлаш тармоқларига уланади. «Ўзтрансгаз» АЖнинг магистрал газ транспорт тизимига уланганлар 2021 йил охирига қадар босқичма-босқич тармоққа уланади ва шартномалар қайта тузилади. Бу янгилик йирик стратегик корхоналарга дахл қилмайди.

 

Ҳуқуқ ижодкорлиги: «пакет» тамойили, идоравий ҳужжатлар қабул қилинмайди

 

Норма ижодкорлиги амалиётига бир қатор янгиликлар киритилади:

  • керагидан ортиқча ҳуқуқий тартибга солиниш бартараф этилади, ҳужжатлар мазмуни қайта кўриб чиқилади –  энг муҳим масалалар юқори юридик кучга эга бўлган ҳужжатларда берилиши мумкин, Адлия вазирлиги томонидан техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар экспертизадан ўтказилади ва ҳисоби юритилади, улар расман эълон қилинади;
  • «пакет» тамойили жорий этилади, бунда бир вақтнинг ўзида янги қонун лойиҳаси билан уларни амалга оширишга доир қонуности ҳужжатлари ҳамда улардан келиб чиқадиган бошқа қонунларга киритиладиган ўзгартиришлар ишлаб чиқилади;
  • вақтинчалик, йил охирига қадар идоравий НҲҲ қабул қилиш тўхатилади (ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги ёки унификация қилишни назарда тутувчи  ҳужжатлар бундан мустасно).

 

Парламент назорати кенгайтирилади

 

Энди Қонунчилик палатаси мажлисларида қуйидагилар мунтазам эшитиб борилади:

  • давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг – фаолияти тўғрисидаги;
  • ҳукумат аъзолари ва тармоқ раҳбарларининг – БМТ барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш, фан, маънавият ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ўтказилаётган ишлар тўғрисидаги маълумотлари.

 

Маҳалла ходимларига – махсус устама ҳақ

 

Ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг лавозим маошига қўшимча махсус устама тўланади. У маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ва Бюджет ташкилотларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

 

«Сирли харидор» дорихонага ҳам боради

 

«Фармацевтика маҳсулотининг сирли харидори» – Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитасининг биргаликдаги ишланмаси. Вазифаси – рецептлар қандай ёзиб берилишини ҳамда дори воситаларининг чекланган нархига риоя этилаётганлигини мониторинг қилиш.

 

Маълумотлар тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналарга шахсан келган ҳолда ҳамда телефон қўнғироқлари, электрон почта ёки мобиль иловалар бўйича мурожаатлар орқали тўпланади. Барча тадбирлар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва Фармацевтика тармоқларини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда ўтказилади. Жараёнга ваколатли органлар ходимлари ва жамоатчилик вакиллари жалб этилади.

 

Дастлабки ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортиш чоралари кўрилмайди, тушунтириш ишлари олиб борилади. Бунда тиббиёт ташкилотлари ва дорихона ходимларини ҳуқуқбузарликлар содир этишга ва ваколатларини суиистеъмол қилишга ундаш ҳолатлари тақиқланади. Мониторинг натижалари қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

 

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Адлия вазирлиги ва ССП томонидан давлат хизматлари соҳасида шунга ўхшаш механизм ишга туширилган эди.

 

200 ва 500 сўмлик купюралар муомаладан чақириб олинади 

 

1 июлдан 200 сўмлик (1997 йил намунасидаги) ва 500 сўмлик (1999 йил намунасидаги) банкнотлар тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотади ва муомаладан чақириб олинади. Ҳозирда уларни исталган тижорат банклари бўлинмаларида алмаштириш мумкин. 1 июлдан кейин эса улар МБнинг Бош ҳудудий бўлинмалари ҳисоб-китоб-касса марказларида бевосита муомалада бўлган банкнотларга алмаштириб берилади. Эслатиб ўтамиз, бир йил олдин 50 ва 100 сўмлик муомаладан чақириб олинган эди.

 

Олег Заманов.