Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

1 сентябрь: қонунчиликдаги асосий ўзгартиришлар

06.09.2018

Читать на русском языке

 

2018 йил сентябрдан Ўзбекистонда янги қоидалар ва норматив ҳужжатлар кучга кирди. Улар турли соҳалар: бизнесни текшириш, божхона расмийлаштируви, ер участкаларини олиб қўйиш, педагогларнинг иш ҳақи ва бошқаларга дахлдор. Қуйида қонунчиликдаги энг муҳим ўзгартиришлар ҳақида қисқача сўз юритамиз.

 

Бизнесни текшириш: нималар бекор қилинди, қайсилари қолдирилди ва қай тартибда ўтказилади

 

Текширишларнинг иккита тури бекор қилинди:

• тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар (ёнғинга қарши, санитария, энергетика назорати ва бошқа органлар томонидан ўтказилган);

• тадбиркорлик субъектларини назорат тартибида текшириш (ўтган текширишда аниқланган ҳуқуқбузарликлар бартараф этилгани текширилган).

 

Текширишларнинг қайси турлари қолдирилганлиги ва бундан буён ўтказилиши ҳақида – бу ерда. Хусусан, бизнесни режадан ташқари текширишлар (тугатиш чоғида ва қонунчилик бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлар асосида) тикланади.

 

Умуман олганда тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш механизми ўзгарди. «Хавфни таҳлил этиш» тизимига асосланган ҳолда текшириш ўтказиш ташаббуси билан чиқилади. Текшириш далилининг ўзи ва унинг натижаларини Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби жорий этилмоқда. Рўйхатга олинмаган текширувлар ноқонуний ҳисобланади.

 

Текширишлар иккита усулда: мувофиқлаштирувчи орган – Бош прокуратура билан келишилган ҳолда (текширишлар рўйхати) ёхуд хабардор этиш, яъни Ягона тизимда рўйхатдан ўтказиш тартибида (текширишлар рўйхати) ўтказилади.

 

Божхона постида – барча турдаги назорат, импорт товарларни давлат тилида маркировкалаш мажбурий эмас

 

Сентябрдан бошлаб бевосита чегара божхона постларида божхона назорати ўтказилганда ветеринар, фитосанитар, экологик ва санитар-эпидемиологик назорат амалга оширилади. Масалан, ветеринар назорат илгари чегара назорат ветеринария пунктларида (участкаларида), санитар назорат эса – ҳудудий Давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг санитария-карантин бўлинмалари томонидан ўтказилган ва ҳ.к.  

 

Товарларнинг божхона назорати танлов асосида хавфни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими маълумотларига кўра ўтказилади.

 

Бундан ташқари, мамлакатимизга олиб кириладиган, ИҲТТга аъзо мамлакатларнинг аккредитацияланган органлари сертификатлари бўлган товарларга мувофиқлик сертификати талаб этилмайди. «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» режимида расмийлаштириладиган товарларни ўзбек тилида маркировкалаш ҳам мажбурий эмас.

 

 «Божхона омбори» режимида ярим йилдан ортиқ турган товарларни расмийлаштиришда Президент ва Ҳукумат қарорлари билан тақдим этилган божхона имтиёзлари қўлланилмайди.

 

Қачон ерни олиб қўйишлари ва иншоотни бузишлари мумкин

 

Биринчидан, ер участкалари олиб қўйилиши режалаштирилаётганлар билан очиқ муҳокамадан кейингина уларни давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисида қарорлар қабул қилинади. Бундай қарорлар натижасида юзага келадиган наф ва чиқим албатта баҳоланади. Бундан ташқари, ер қандай давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши мумкинлиги юзасидан аниқлик киритилди (батафсил қаранг).    

 

Иккинчидан, ер участкаларини олиб қўйиш чоғида кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва мулкдорларга етказилган зарарлар тўлиқ қоплангандан кейингина яшаш учун мўлжалланган, ишлаб чиқариш бинолари, бошқа қурилма ва иншоотларни бузиш мумкин. Тошкент шаҳрининг эски шаҳар қисмида эса пойтахтнинг бош режаси тасдиқлангунча (лойиҳа 1.12.2019 йилга келиб тайёр бўлиши керак) бузиш ва таъмирлаш-қурилиш ишларини олиб бориш тақиқланди.

 

Таълим ва фан тизимида иш ҳақи оширилди

 

Қуйидаги мутахассисларнинг маошлари индексацияланди:

 

мактабгача таълим – мудирлар (10%га), тарбиячининг ёрдамчилари (20%га), тарбиячилар ва ходимларнинг бошқа тоифалари (30%га);

 

умумий ўрта таълим – бошланғич (10%га) ва юқори (24%га) синф ўқитувчилари, директорлар, уларнинг ўринбосарлари, кутубхона мудирлари ва кутубхоначилар (10%га);

 

олий таълим муассасалари – олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилар таркиби (ўртача 25%га);

 

фан соҳаси – Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан илмий-техник дастурларни амалга оширишда иштирок этаётган илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ва илмий ходимлари (ўртача 25%га), шунингдек илмий фаолиятни конструктор-технологик таъминлаш, илмий лаборатория ускуналарига хизмат кўрсатиш вазифалари юклатилган ИТМ муҳандис-техник ходимлари (эгаллаб турган лавозими ва илмий фаолият соҳасидан келиб чиқиб, 30%дан 100%гача).

 

Олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва илмий ходимларга иш ҳақи оширилишини ҳисобга олганда тўланадиган аниқ суммалар маълум бўлди. Улар билан шарҳда танишиш мумкин.

 

Янги ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилар таркиби фақат педагоглар ва жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этадиган тегишли кафедранинг кенгайтирилган очиқ йиғилиши тавсиясига кўра ишга қабул қилинади. Ушбу йиғилишда номзод синов машғулоти ўтказади.

 

Хорижда ҳамюртларимизни маҳаллий компаниялар ишга жойлаштирадилар

 

Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган юридик шахслар фуқароларимизни ишга жойлаштириш билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Бунинг учун ташкилот лицензия олиши зарур. Уни олиш шартларидан бири – 50 минг АҚШ долларини захира сифатида киритиш ва мазкур маблағлар ишлатиб юборилса, захирани талаб этилган даражагача тўлдириш (лицензиянинг амал қилиш муддати тугаганда маблағлар қайтариб берилади).

 

Лицензияларни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги беради, уни бериш сўралган аризаларни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги кўриб чиқади. Бироқ уларни расмийлаштиришнинг аниқ тартиби ҳозирча тасдиқланмаган.

 

Шунингдек ташкилотлар Меҳнат вазирлигида аккредитациядан ўтиб, ишлаш учун хорижга кетаётган Ўзбекистон фуқароларининг касб соҳасини, шу жумладан уларнинг касб кўникмаларини ва хорижий тилларни эгаллаганлиги даражасини тасдиқлашлари мумкин.

 

Уруғчилик соҳасидаги янги қоидалар ва имтиёзлар

 

Уруғчилик соҳасида янги тартиб жорий этилди. Масалан, бошоқли дон экинлари ва ғўзанинг уруғларини экспорт қилиш Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хулосасига асосан фақат Инновацион ривожланиш вазирлигининг қарори бўйича амалга оширилади. Бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғларини экспорт қилиш учун махсус рухсатнома талаб қилинмайди.

 

Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини импорт қилганда (бошоқли дон экинлари, ғўза ва картошка уруғлари бундан мустасно), агар синовдан ўтказишда қўлланилган талаблар мамлакатимизда амалда бўлган шунга ўхшаш талаблардан паст бўлмаса, халқаро аккредитацияга эга хорижий лабораториялар томонидан ўтказилган синовдан ўтказиш натижалари тан олинади.

 

Донни қайта ишловчи корхоналар имтиёздан фойдаланишлари мумкин. 1 сентябрдан бошлаб уларнинг маҳсулотлари учун ҚҚС бўйича солиқ солинадиган айланма тушум ҳажмидан дон қийматини чиқариб ташлаб ҳисобланади.

 

Пойтахтда ҳуқуқий эксперимент

 

Тошкентда бошқарувнинг алоҳида тартиби жорий этилмоқда. Унинг доирасида иқтисодиёт, молия, инвестициялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тегишли ҳудудий бўлимлари шаҳар ва пойтахт туманлари ҳокимлиги бўйсунувига ўтказилди. 

 

Бунинг натижасида маҳаллий ҳокимият ва санаб ўтилган давлат органлари ваколати ўзгаради, раҳбарлик лавозимларига тайинлаш ва улардан озод этишнинг янги тартиби жорий этилади, идоралараро органлар (комиссиялар, кенгашлар ва ҳ.к.) сони кескин қисқартирилади.

 

Ҳуқуқий эксперимент 2019 йил 1 июлгача «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳририни киритиш билан якунланиши лозим.

 

Эслатиб ўтамиз, пойтахтда параллель равишда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича бир йиллик эксперимент ўтказилмоқда. Уни ўтказиш тартиби ва муддатлари ҳақида илгари батафсил ёзган эдик.

 

Олег Заманов.


 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Курс валют

2018-12-18
  • USD:8325.59 (+12.95) сум
  • EUR:9413.74 (--42.72) сум
  • RUB:124.70 (--0.52) сум