Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

2018 йил 1 июлдан амал қила бошлаган асосий янгиликлар

04.07.2018

Рус тилида ўқиш

 

Навбатдаги тўпламда 1 июлдан кучга кирган қонунчиликдаги янгиликлар ва ўзгартиришларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Бу гал улар талайгина, мавзуси ҳам хилма-хил: нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органларидаги ислоҳотлардан тортиб электрон тижоратдаги янги қоидалар ва товарларни божхонада расмийлаштириш тартибигача. Сиз учун энг муҳимларини саралаб олдик.      

 

Электрон тижорат қоидалари соддалаштирилди

 

Электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни етказиб бериш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига учинчи шахслар (товарларни сотувчилар) учун тўловларни қабул қилиш, кейинчалик уларни инкассация қилишга рухсат берилди. Шу тариқа, 1996 йилдан бери мамлакатимизда амал қилган тақиқ (9.08.1996 йилдаги ПФ-1504-сон Фармоннинг 5-бандига қаранг) энди уларга нисбатан татбиқ этилмайди.

 

Бунда мулк, ижара ёки бошқа фойдаланиш ҳуқуқида автотранспорт мавжуд бўлса, электрон тижорат орқали сотилган товарларни харидорларга етказиб бериш учун лицензия олиш талаб қилинмайди.

 

Энди мажбурий 15 фоизли олдиндан тўловни тўламасдан туриб электрон тижорат орқали сотиш мумкин (12.05.1995 йилдаги ПФ-1154-сон Фармоннинг 1-бандига қаранг). Иқтисодий шарҳловчи Жорилла Абдуллаев бутун хусусий бизнесни мажбурий олдиндан тўловдан озод этиш зарур деб ҳисоблайди

 

Электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ҳам реализация қилиш мумкин. Асосийси – сақлаш ва етказиб беришда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш. Айни пайтда дори воситалари ва тиббий буюмларни онлайн сотиш тартибини белгиловчи лойиҳа ишлаб чиқилган. Ҳужжат тасдиқланганда бу ҳақда порталимизда хабар берамиз.

 

Винони заводга тегишли дегустация ҳудудларида сотиш мумкин

 

Алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарга ўз виночилик маҳсулотларини туристик йўналишларида ташкил этилган заводга тегишли дегустация ҳудудларида (жойларида) реализация қилиш ҳуқуқи берилди. Илгари фақат белгиланган талабларга жавоб берувчи ва рухсатномаси бўлган турғун савдо шохобчаларида (улгуржи савдо бозорлари ва комплексларидан ташқаридаги), шунингдек умумий овқатланиш объектларида рухсат гувоҳномаси мавжуд бўлганда алкоголни чакана сотиш мумкин эди.

 

Банкларга тўсиқсиз кириш мумкин

 

Энди тижорат банкларининг мижозларга бевосита хизмат кўрсатиш зонасига тўсиқсиз кириш мумкин. Дастлабки рухсатномаларни олиш ва ҳатто шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш керак эмас.

 

Бундан ташқари, илк бор қабул қилувчи маъмурлар кўрсатилаётган банк хизматлари ҳақида мижозларга олдиндан маслаҳат берадилар. Айрим банкларда бундай ходимлар иш бошлаган, улар тегишли хизматни олиш учун у ёки бу бўлимга қандай ўтиш кераклиги юзасидан мижозларга тушунтириш берадилар. 

 

Божхона расмийлаштируви соҳасида

 

Товарларни божхонада расмийлаштириш тартиб-таомиллари билан боғлиқ ўзгартиришлар талайгина (тўлиқ рўйхати – бу ерда). Энг муҳимларини ажратиб кўрсатамиз.

 

Товарларни божхона режимларига жойлаштиришда, шунингдек хорижий автоташувчиларнинг Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш маршрутларини ўзгартиришга божхона органлари томонидан бериладиган рухсатномалар бекор қилинди.

 

Бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида айнан бир хил товарларнинг божхона расмийлаштируви (жисмоний хусусияти, сифати, ишлаб чиқарувчиси, ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатура коди бўйича) даврий декларацияларни тақдим этиш орқали амалга оширилади. Буни қандай амалга ошириш ҳақида – бу ерда.  

 

Бунинг устига, энди ТИФ иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан, БЮДни Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этишлари мумкин. Ушбу ҳужжатни тўлдириш тартибидаги ўзгартиришлар билан ҳам танишиб чиқишни таклиф этамиз.  

 

Импорт товарларини амалда етиб келишидан олдин бевосита чегара ўтказиш пунктларида декларациялаш мумкин. Илгари бунинг учун фаолият юритаётган божхона постларидан бирига бориш керак эди. Янги тартиб ҳақида бу ерда батафсилроқ танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Яни бир янгиликка эътибор қаратинг. Мол-мулкни божхона омборида кўпи билан 3 йил сақлаш мумкин. Акс ҳолда у божхона органлари томонидан ушлаб қолинади ва 3 ой давомида талаб қилиб олинмаган ҳолда давлат фойдасига ундирилади ёки йўқ қилинади.

 

Адвокатура, нотариат ва ФҲДЁ тизимидаги ислоҳотлар

 

Биринчидан, энди адвокатлар низоларни судгача ҳал қилиш, томонларни яраштириш бўйича чоралар кўришлари ва ҳакамлик судьяси сифатида фаолият юритишлари мумкин (агар адвокат томонлардан бирининг вакили ҳисобланмаса).

 

Адвокат бўлиш учун, аввалгидек, адвокатлик тузилмасида стажировка ўташ лозим. Бироқ унинг муддати 6 ойдан 3 ойга қисқартирилди. Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари ва судья, терговчи ёки прокурор лавозимида камида 3 йил фаолият юритган шахслар эса стажировкадан озод этилди. Бунинг устига, энди лицензия олиш учун имтиҳон топшира олмаган шахслар уни 6 ойдан кейин (илгари – бир йилдан кейин эди) такроран топширишлари мумкин.

 

Энг асосийси – адвокатлар мутахассислиги жорий этилмоқда. Яъни танланган ҳар бир мутахассислик бўйича алоҳида лицензиялар берилади. Улар атиги иккита бўлиши режалаштирилмоқда. Бунда фаолият юритаётган адвокатларнинг лицензиялари уларни қайта аттестациядан ва йиғимларни тўлашдан озод этган ҳолда қайта расмийлаштирилади.

 

Иккинчидан, никоҳ шартномасини (ЭКИҲнинг 25%и эди) ва алимент тўлаш ҳақида келишувни (ЭКИҲнинг 20%и эди) нотариал тасдиқлаганлик учун давлат божлари бекор қилинди. Судлар ҳам оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек, туғилган вақти фактларини аниқлаш тўғрисидаги аризаларни давлат божларини (ЭКИҲнинг 10%и эди) ундирмасдан кўрадилар.

 

Бундан ташқари, бутун республика бўйича кўчмас мулкни олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини нотариал тасдиқлашда идоралараро электрон ҳамкорлик тизими ишга туширилади. Тўғри, ҳозирча у фақат солиқлар бўйича қарздорликни, ўзгага бериш тақиқланганлиги ва хатланганликни текшириш учун ишлайди. Коммунал хизматларни етказиб берувчилар эса унга кейинроқ уланадилар. Эслатиб ўтамиз, пойтахтда тизим ўтган йилдан бери ишламоқда (шу жумладан коммунал тўловлар бўйича қарзларни текшириш ҳам мумкин).  

 

Учинчидан, ФҲДЁ органлари туманлар (шаҳарлар) ҳокимиятларининг тўлиқ тасарруфига ўтказилди. Илгари улар адлия органлари тузилмасига кирар эди, 1 апрелдан бошлаб эса никоҳ муносабатларини расмийлаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш ва ажрашишларнинг олдини олиш бўйича ҳокимликларга бўйсундирилди. Бироқ бу энди адлия ФҲДЁ органларига мутлақо алоқадор бўлмайди дегани эмас. Мувофиқлаштириш, методик таъминлаш, «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» АТни юритиш, ФҲДЁнинг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича вазифалар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги зиммасига юклатилади. 

 

ФҲДЁ бўлимларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларининг узоқ муддат хизмат қилгани учун иш ҳақига устама ҳақ тўлаш ва мартаба даражалари учун қўшимчаларига, шунингдек уларни моддий рағбатлантиришга (лавозим маошининг ва мукофотларнинг 100%и миқдоригача шахсий устамалар) қўшимча маблағлар – герб йиғимидан тушадиган маблағларнинг 40%и, шунингдек ФҲДЁ бўлимлари томонидан кўрсатиладиган пуллик хизматлардан даромадлар ажратилади.

 

Ер участкалари ва давлат мулкини ижарага олиш – онлайн режимда

 

Ўзбекистонда юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкалари «E-IJRO AUKSION»даги электрон аукцион якунлари бўйича доимий фойдаланишга берилади. Давлат мулкини ҳозирча фақат Тошкент вилоятида шу йўл билан ижарага олиш мумкин (кейинчалик ушбу тартиб бутун мамлакат бўйлаб жорий этилади). Ҳукумат онлайн-аукционлар ўтказиш тартиб-таомилини тасдиқлади, у билан бу ерда танишиш мумкин. 

 

Барча фермерлар ­– Кенгашнинг мажбурий аъзолари

 

2017 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ташкил этилган. Июль ойидан бошлаб барча фермер ва деҳқон хўжаликларининг унга аъзолиги мажбурий бўлди. Кенгашда аъзолиги тугатилиши ер участкасига эгалик қилиш, ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи ёхуд уни ижарага олиш ҳуқуқи бекор бўлиши учун асос бўлади.

 

Амал қила бошлаган имтиёзлар

 

Биринчидан, давлат-хусусий шериклик шартларида (руҳий ҳолати бузилган шахслар, шу жумладан ногиронларнинг меҳнат терапияси, уларни янги касбларга ўқитиш ва ушбу корхоналарда ишга жойлаштириш учун) тузилган даволаш-ишлаб чиқариш корхоналари 1.07.2018 йилдан 1.01.2023 йилгача ер солиғи, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ва мол-мулк солиғидан, шунингдек ЯСТдан озод қилинади

 

Иккинчидан, ўсимликлар клиникалари (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ўсимликларнинг агротехник, биологик ва кимёвий ишловини амалга ошириш учун давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилмоқда) 1.07.2018 йилдан 1.01.2022 йилга қадар ер солиғи, юридик шахсларнинг даромад ва мол-мулк солиғидан ҳамда ЯСТни тўлашдан озод қилинади.

 

ЯТТ механизация ва сервис хизматларини кўрсатишлари мумкин

 

Якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланишлари мумкин бўлган фаолият турлари кўпаймоқда. Энди улар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга механизация ва сервис хизматлари кўрсатишлари ҳам мумкин. Бироқ мазкур хизматлар ҳали Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилмаган.

 

Амал қилиш муддати тугаган акциялар

 

Биринчидан, Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида бир йил давомида «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонун кучга киргунгача турар жой мақомини олган ётоқхоналардаги квартираларни хусусийлаштириш мумкин эди. Бунинг учун фақат бўлиш жойида ҳисобда туриш талаб этиларди. Тегишинча, турар жойларни хусусийлаштириб, пойтахтда доимий пропискани расмийлаштириш мумкин эди. Акция 1 июлда тугади.

 

Шу ўринда эски (нобиометрик) намунадаги паспортларни алмаштириш муддати ўтганини эслатиб ўтамиз. 1 июлгача биометрик паспорт расмийлаштиришга улгурмаганларга нисбатан МЖТКнинг 223-моддаси (ЭКИҲнинг 1/2 қисмидан 3 бараваригача миқдорида жарима) қўлланилади.

 

Иккинчидан, 14 та давлат хизматлари марказида (Тошкентда – Юнусобод туман маркази) расмийлаштирилган ЭРИ калитлари, сертификатларини бепул бериш тўхтатилди. Ушбу тартиб жорий йил апрель ойидан амал қилаётган эди. 1 июлдан умумий тартиб тикланди: жисмоний шахслар учун – ЭКИҲнинг 7%и, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун – ЭКИҲнинг 10%и миқдорида, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун – бепул.

  

Учинчидан, хўжалик юритувчи субъектларнинг счётларидаги чет эл валютасидаги маблағларни қайта баҳолашдан олган фойдасига солиқ солиш бўйича имтиёзнинг амал қилиш муддати тугади. Эслатиб ўтамиз, ўтган йил сентябрь ойида сўм икки баравардан ортиқ миқдорга девальвация қилинди. Счётларида чет эл валютаси бўлган ташкилотларнинг солиқ юки кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик учун счётлардаги чет эл валютасидаги маблағларни қайта баҳолаш натижасида олинган фойдани вақтинча 1 июлгача солиқ солинадиган базага киритмасликка рухсат берилган эди.

 

баҳолари чет эл валютасида белгиланган товарлар (ишлар, хизматлар) учун ўзаро ҳисоб-китобларни миллий валютада амалга оширадиган солиқ тўловчилар учун товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинган ёки олинган санадан ушбу товарларга (ишларга, хизматларга) ҳақ тўланган санагача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курсдаги ўзгариш муносабати билан юзага келувчи ижобий фарқ товарларга (ишларга, хизматларга) ҳақ тўланган санадаги жами даромад таркибига бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ киритилади

 

Тегишинча июль ойидан тикланган тартибга кўра, чет эл валютаси курсидаги ўзгариш муносабати билан тегишли ҳисобот даври учун баланснинг валюта моддаларини қайта баҳолаш натижасида юзага келган валюта счётлари бўйича ижобий курс фарқи солиқ солинадиган даромадлар таркибига киритилади (Солиқ кодексининг 140-моддасига қаранг).

 

Пойтахт янада хавфсиз бўлади

 

Тўпламимизга якун ясар эканмиз, Тошкентда 1 июлдан бошлаб «Хавфсиз пойтахт» концепцияси амалга оширила бошлаганини эслатиб ўтамиз. Эксперимент ўтказиш ҳақида яқинда қарор қабул қилинди, барча тафсилотлар – шарҳда.

 

 Олег Заманов.


 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Валюталар курси

2018-08-14
  • USD:7790.20 (+7.15) сум
  • EUR:8888.62 (--114.03) сум
  • RUB:115.07 (--7.89) сум