Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

1 август: қонунчиликдаги асосий ўзгартиришлар

01.08.2018

Читать на русском языке

 

2018 йил августда Ўзбекистонда янги қоидалар ва норматив ҳужжатлар кучга киради. Улар турли соҳаларга оид: ижтимоий жиҳатга йўналтирилган тадбиркорлик ва ишсизларга субсидиялардан тортиб давлат органлари тизимидаги ислоҳотларгача. Norma.uz қонунчиликдаги энг муҳим ўзгартиришлар ҳақида қисқача қайд этиб ўтади.

 

Ижтимоий соҳадаги корхоналарга имтиёзлар тўғрисида

 

1 августдан бошлаб қуйидаги тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар амал қила бошлайди:

 

  • ҳисобот даврининг якуни бўйича ишлаб чиқарадиган маҳсулотларини сотишдан тушган тушумининг умумий ҳажмида камида 30%ини ногиронлиги бўлган шахслар учун протез-ортопедия буюмлари ва инвентарлар ишлаб чиқариш, уларга ортопедик протезлаш, протез-ортопедия буюмлари ва инвентарларини таъмирлаш хизматларини кўрсатишдан тушган тушум ташкил этган;
  • ҳисобот даврининг якуни бўйича ишлаб чиқарадиган маҳсулотларини сотишдан тушган тушумининг умумий ҳажмида камида 20%ини Брайл алифболи китоб ва бошқа босма материаллар, имконияти чекланган болаларга ўқув ва бадиий адабиётларни чоп этиш, ишора тилини қўллаган ҳолда аудио китоб ҳамда видеоматериаллар яратишдан тушган тушум ташкил этган;
  • меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ходимларининг камида 30%ини ногиронлиги бўлган шахслар, ўн олти ёшга тўлмаган болалари ёки ногиронлиги бўлган болалари бўлган ёлғиз шахслар, жазони ижро этувчи муассасалардан озод этилган шахслар, одам савдоси қурбонлари, ўқишни тугатгандан кейин 3 йил ошмаган умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари, «Меҳрибонлик» уйларининг 30 ёшга етмаган битирувчилари ташкил этган.

 

Уларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади: 

  • харидор томонидан инвестицион ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан давлат мулки объектларини «ноль» харид қийматида сотиш бўйича ўтказиладиган танлов савдолари натижаларига кўра танлов савдоларининг бошқа иштирокчилари билан унинг таклифлари ўртасида тенг шароитлар юзага келган ҳолларда битимни тузиш бўйича устуворлик ҳуқуқи;
  • давлат мулки объекти учун ижара тўловини ушбу объектга нисбатан энг кам ижара тўлови ставкасининг 50%и миқдорида белгилаш.

 

Бунинг устига, августдан бошлаб штатдаги ходимларининг ярми ногиронлиги бўлган шахслардан ташкил топган ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари корхоналари (масалан, Ўзбекистон карлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ва ҳ.к.) жами ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш фондидан 4,7% ЯИТ ундирилади (базавий ставка 25%, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари учун эса 15% бўлгани ҳолда).

 

Ер қаъридан фойдаланишни лицензиялаш тўғрисида

 

Ой бошидан ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензияларни беришнинг иккита алгоритми амал қилади:

 

Ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан тақдим этиладиган кончилик ишларини ривожлантириш режаларини келишиш, уларни қазиб олиш ҳажмлари тўғрисидаги йиллик ҳисоботларни қабул қилиш:

  • норуда фойдали қазилмалар бўйича – Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий бўлинмалари (2018 йил март ойида ташкил этилган);
  • рудали фойдали қазилмалар ва углеводородлар бўйича – Инспекция томонидан амалга оширилади.

 

 

Чиқиндиларни олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш тўғрисида

 

Тадбиркорлик субъектларига давлат-хусусий шериклик асосида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатишга рухсат берилди. Ҳар бир хусусий ташкилотга танлов асосида, ноль ставкадан бошланувчи электрон аукцион йўли билан «E-IJRO AUKSION» орқали туман ва шаҳар ҳудуди бириктириб берилади. Танлов ўтказилмаган деб топилган ҳолларда, тегишли ҳудуд «Тоза ҳудуд» ДУК ёки «Махсустранс» ДУКга танлов ўтказилмаган ҳолда бириктириб берилади.

 

Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари фуқароларга намунавий оммавий шартнома асосида кўрсатилади. Яъни, илгари назарда тутилганидек, ҳар бир истеъмолчи-жисмоний шахс билан алоҳида шартнома тузиш шарт эмас.

 

Ҳуқуқий консалтинг тўғрисида  

 

Тижорат ташкилотлари энди лицензия олмасдан юридик маслаҳат хизматларини кўрсатиш имкониятига эга. Илгари ҳуқуқий маслаҳат бериш адвокатлик фаолиятининг таркибий қисми сифатида лицензияланар эди. Бироқ улар илгаригидек фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича судларда мижозларнинг манфаатларини ёқлаб чиқа олмайдилар (бу адвокатларнинг хос ҳуқуқи – таҳр.). Адвокатлик тузилмалари «Адвокатура тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ юридик маслаҳат хизматларини кўрсатиш ҳуқуқини сақлаб қолдилар.  

 

Адлия вазирлиги лицензия олмасдан ҳуқуқий маслаҳат бериш тартибини ишлаб чиқди. Яқин орада у тасдиқланади, norma.uz материалларини кузатиб боринг.

 

Ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш ва автомобиль ойналарини қорайтириш тўғрисида

 

26 февралдан юридик шахсларга қарашли автомобиллар ҳайдовчиларининг малакасини мажбурий ошириш тартиби жорий этилди (батафсил қаранг). 1 августгача фақат «Avtotest Report» МЧЖда ёки 51% ва ундан ортиқ улуши унга тегишли бўлган ташкилотда ундан ўтиш мумкин эди.  

 

Август ойидан бошлаб мазкур йўналиш бўйича нодавлат таълим муассасалари фаолият юритиш ҳуқуқига лицензия олган ташкилотлар корпоратив автомобиллар ҳайдовчиларининг малакасини ошириш хизматларини кўрсата оладилар. Бундай лицензияни олиш ҳақида бу ерда ўқишингиз мумкин.

 

Аввалбошдан малака оширганлик тўғрисида сертификат олмай корпоратив транспортни бошқарганлик учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш режалаштирилганини ҳам қайд этиб ўтамиз. Бироқ айни пайтда МЖТКга бундай тузатишлар киритилмади.

 

Шу ўринда 1 августдан бошлаб транспорт воситасининг орқа ва орқа ён ойналари тусини тегишинча 5% ва 30%гача ёруғлик ўтказиш даражасигача ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсат берилганлигини эслатиб ўтамиз. Бунинг учун ҳақ эвазига рухсатнома олиш зарур (қийматига қаранг).  

 

Агросаноат мажмуини бошқариш тизимини қайта ташкил этиш тўғрисида

 

Апрель ойида янги муассаса – Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси ташкил этилди. 1 августдан тугатилаётган қуйидаги органларнинг функция ва вазифалари унга ўтказилди:

  • Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси;
  • Машина ва асбоб-ускуналарнинг техник ҳолатини назорат қилиш бош давлат инспекцияси;
  • Чорвачиликда наслчилик ишлари бош давлат инспекцияси;
  • «Ўзсувназорат» республика сув инспекцияси;
  • «Ўздавуруғназоратмарказ» қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини сертификациялаш ва сифатини назорат қилиш давлат маркази;
  • «Ўзстандарт» агентлигининг «Ўзбекистон пахта маҳсулотларини сертификатлаш «Сифат» маркази» давлат корхонаси.

 

Тугатилаётган ташкилотларнинг барча ходимлари ишга жойлаштирилишига кўмаклашадилар. Дарвоқе, Инспекциядаги иш ҳақи ҳақида яқинда ёзган эдик, шарҳ билан танишиб чиқишни таклиф этамиз.

 

Хорижда ишга жойлашиш ва ишсизларга субсидиялар тўғрисида

 

 Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун энди рухсатнома олиш керак эмас (Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан тўлов – 4 ЭКИҲ ундирган ҳолда фуқаронинг хориждаги меҳнат шартномаси муддатига берилар эди). Бунинг ўрнига хусусий меҳнат шартномалари бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетаётган фуқароларни ихтиёрий рўйхатдан ўтказиш таомили жорий этилади.

 

Хориждаги меҳнат стажи мамлакатимизда ҳисобга олиниши учун меҳнат мигрантлари Пенсия жамғармасига 4,5 ЭКИҲ миқдорида йиллик суғурта тўловларини ихтиёрий равишда тўлашлари лозим. Илгари ойига 1 ЭКИҲ, яъни йилига 12 ЭКИҲ тўланганда «хорижий» стаж инобатга олинар эди. Бошқача айтганда, уларнинг йиллик ихтиёрий бадаллари миқдори 2,5 баравардан ортиқ миқдорга қисқартирилди.

 

Шу билан бирга, мамлакатимиз ичида Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига ишсизлик бўйича суғурталаш тизими жорий этилади. У қуйидагиларга бир марталик субсидиялар беришни назарда тутади:

  • аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида рўйхатдан ўтган ва тадбиркорлик фаолиятини бошлашни хоҳловчи ишсиз шахсларга – ЭКИҲнинг 2 баравари;
  • аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига мансуб шахсларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни захираланган (квоталанган) энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга – ҳар бир қабул қилинган ходим учун ҳар ойда ЭКИҲнинг 2 баравари миқдорида тўлаш. Бунда ишга қабул қилинган мазкур тоифадаги шахсларнинг бандлигини бир йил давомида сақлаш шарти назарда тутилади;
  • иш берувчиларга – аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига мансуб ходимларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни касбга қайта ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни молиялаштиришга ҳар бир ходим учун ЭКИҲнинг 3 баравари миқдорида тўлаш.

 

Солиқчилар, судьялар ва академикларнинг иш ҳақи тўғрисида

 

Солиқ органлари ходимларининг лавозим маоши Ягона тариф сеткаси бўйича муайян разрядга мувофиқ келадиган тариф коэффициентини кўпайтириш йўли билан 1,7 баравар оширилади. Бу устувор мақсад – солиқ хизмати ходимлари сафидаги порахўрликнинг олдини олиш талабига мос келади.   

 

Ўз навбатида, судьялар ҳамда судлар аппарати ва суд органлари ходимларининг маошлари 1,5 баравар оширилади. Унга алоҳида меҳнат шароитлари учун (малака даражаси ва мансаб даражасига эга бўлган ходимларга) ойлик устама миқдори – 50% қўшилади. Судларда қанча иш ҳақи тўланиши ҳақида батафсил – бу ерда.

 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Фанлар академияси бошқарув аппарати ходимларининг иш ҳақини 2 баравар оширишга қарор қилинди.

 

Дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва касалликларга ташхис қўйиш тўғрисида

 

Ўзбекистон юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда (масалан, Евроиттифоқ мамлакатлари, АҚШ ва ҳ.к.) амалга оширилган дори воситалари, дори моддалари (субстанциялар) ва дори препаратларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларини тан ола бошлайди.

 

Гриппнинг оғир шаклларига ва бошқа ўткир респиратор инфекцияларга чалинган беморларга кўпроқ эътибор берилади. Энди парранда ва ҳайвонларда учрайдиган гриппнинг юқори патоген вирусларини (H1N1 вируси – «чўчқа грипи», H5N1 вируси – «парранда грипи» ва ҳ.к.) ҳамда бошқа хавфли инфекцияларни юқтирганликда гумон қилинаётган шахсларга ушбу вирус турлари бўйича мажбурий ташхис қўйилади.

 

Суюлтирилган газ ва ўғит нархлари тўғрисида

 

Август ойида аҳоли учун суюлтирилган газнинг ягона чакана нархи – ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 800 сўм/кг амал қила бошлайди. Илгари суюлтирилган газ қиймати вилоятлар бўйича фарқ қилиб, 1 апрелдан ошганини ҳисобга олган ҳолда 1 кг учун 500 сўмдан 720 сўмгача ташкил этган.

 

1 мартдан бошлаб минерал ўғитлар фақат биржа савдоларида сотилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг харажатлари кескин ошишига йўл қўймаслик мақсадида 1 мартдан 1 августгача бўлган даврда улар сотиб оладиган азотли ва фосфорли ўғитларнинг чекланган нархлари белгиланган эди (ундан ортиқ нархдаги биржа контракти тузилмас эди). Тегишинча, 1 августдан улар қўлланилмайди, нархлар биржа савдоларининг умумий қоидаларига кўра белгиланади.

 

Олег Заманов.



 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Курс валют

2018-11-13
  • USD:8271.27 (+21.30) сум
  • EUR:9374.66 (--17.93) сум
  • RUB:121.79 (--2.88) сум